Вазирлар Маҳкамасининг 24.03.2022 йилдаги “Энергетика вазирлиги ҳузурида “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги 126-сон қарори қабул қилинди.
Марказ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг миллий, регионал ва ҳудудий диспетчерлик функцияларини бажаради.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- ягона электр энергетика тизимини оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш;
- ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш;
- электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш;
- ягона электр энергетика тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш;
- ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариш.
Қуйидагилар Миллий диспетчерлик маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
- электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва тақсимловчи ташкилотларга шартнома асосида диспетчерлик хизматини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
- халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари;
- ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.03.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.