Вазирлар Маҳкамасининг 3.08.2021 йилдаги 487-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган.
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчилари (ходимлари) томонидан хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тартибда фойдаланиш тартиби;
- мажбурий тартибда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари бўйича доимий комиссияларни ташкил этиш, транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ҳамда транспорт воситасининг эгаси ёки унинг вакили мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби;
- транспорт воситаси эгасига етказилган мулкий зарар миқдори тўғрисидаги зарур маълумотларни тўплаш, мулкий зарар миқдорини аниқлаш ҳамда мулкий зарарни қоплаш тартиби;
- мулкий зарар миқдорини аниқлаш ҳамда унинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш манбалари.
Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчилари (ходимлари) томонидан хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ қуйидаги ҳолларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин:
- шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига етказишда;
- жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб боришда;
- ҳодиса жойига етиб боришда.
Ушбу ҳолатларда транспорт воситалари ҳайдовчилари Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланиш талабига бўйсуниши шарт.
Миллий гвардия томонидан транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланилганда, транспорт воситасининг эгасига ҳарбий хизматчи (ходим) ўз идентификацияловчи ҳужжатини бериши шарт.
Транспорт воситаси эгаси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) томонидан транспорт воситасидан фойдаланиш учун ҳарбий хизматчи (ходим) идентификацияловчи ҳужжатини тақдим этмаган тақдирда, ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) талабини бажармаслик ҳуқуқига эга.
Қуйидаги ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан Миллий гвардия томонидан фойдаланишга йўл қўйилмайди:
- хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари;
- махсус мўлжалланган ва товуш чиқарув мосламалари (сирена) ўрнатилган транспорт воситалари ҳамда Ҳукумат раҳбарларини олиб юрувчи, тез тиббий ёрдам, ёнғин ўчириш, конвой, инкассатор хизматларининг транспорт воситалари;
- шаҳар йўловчи ташиш транспорт воситалари.
Миллий гвардия органлари томонидан транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни схемага мувофиқ қопланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.08.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.