Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва транспорт воситаларидан фойдаланиш талабларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги 224-сон қарори қабул қилинди.
Аввалроқ двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, бироқ 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситаларини (мопед ва скутерларни) бошқариш учун 2025 йил 1 мартдан тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш кераклиги белгиланган эди. Ўзгартиришларга мувофиқ, ушбу муддат 2025 йил 1 октябрга кўчирилди.
Бундан ташқари, Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг амал қилиш муддати 2025 йил 30 сентябрга қадар узайтирилди.
Ҳужжат билан шунингдек Хоналарни кўчма ўт ўчиргичлар билан жиҳозлашнинг янги меъёрлари тасдиқланди. Янги таҳрирда ўт ўчириш аэрозоли генератори билан жиҳозлашнинг меъёрлари акс эттирилган (шу ерда танишиш мумкин.)
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев