2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди (ВМнинг 11.06.2019 йилдаги 484-сон қарори).
Ҳужжатларга асосан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан мувофиқлаштириш ва назорат қилиш остида қуйидагиларга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади:
- муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12%ига етказиш;
- Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлаштириш ишларини олиб бориш ва унинг майдонини 1,2 млн гектарга етказиш;
- Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигида жайронлар бош сонини 1 000 га етказиш;
- давлат қўриқхоналаридаги эталон экотизимларда биохилма-хиллик компонентлари учун мониторинг олиб боришнинг марказий бўғинли ягона тизимини яратиш;
- замонавий геоахборот технологиялари (ГИС-технологиялар) асосида биохилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастри ягона ахборот маълумотлар базасини яратиш;
- ҳар йили 2 млн гектар майдонда табиий яйловлар ва пичанзорлардаги ўсимликларни геоботаник текширувдан ўтказиш;
- биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалаларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграциялаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.