Вазирлар Маҳкамасининг 22.01.2025 йилдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМҚ-29-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатга асосан, қонун лойиҳалари бўйича-тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари томонидан беғараз асосда, қонуности ҳужжатлари лойиҳалари бўйича – тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан келишув асосида илмий экспертизадан ўтказилади.
Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказувчи давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари Реестрини юритади.
Реестрга кириш учун муассаса Адлия вазирлигига тегишли сўров билан мурожаат этиши лозим.
Ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали юборилади.
Илмий экспертиза натижаларига кўра қуйидаги хулосалардан бири тайёрланади:
- лойиҳа илмий асосланган;
- лойиҳа етарли даражада илмий асосланмаган;
- лойиҳа илмий асосланмаган.
Хулоса тавсиявий ҳусусиятга эга, бироқ лойиҳани ишлаб чиқувчи уни лойиҳани Адлия ва лойиҳани қабул қилувчи органга киритаётганда илова қилиши шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.01.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев