Президент томонидан 26.11.2021 йилдаги “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-731-сон Қонун қабул қилинди. У Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 мартда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2021 йил 23 апрелда маъқулланган.
Қонун 7 та боб ва 34 та моддадан иборат. Ноширлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
- ноширлик фаолиятининг эркинлиги;
- китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш;
- муаллифлик ҳуқукларини ҳимоя қилиш;
- ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик.
Ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида мустақилдир, нашрга тайёрланган қўлёзмаларни ва материалларни цензурадан ўтказишга йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, мазмунига кўра уларнинг шахсий ҳаётига аралашув деб қаралиши мумкин бўлган нашрларни ҳамда ноширлик маҳсулотини чиқариш ва тарқатиш тақиқланади.
Ноширлик фаолияти соҳаси Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тартибга солинади.
Ноширлик фаолиятининг субъектлари қуйидагилардан иборат:
- нашриёт;
- тайёрловчи;
- буюртмачи;
- тарқатувчи.
Ноширлик фаолияти хабардор қилиш тартибида амалга оширилади. Қуйидаги ҳолларда хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этилмайди:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, марказий муассасалар, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламларини ҳамда бошқа ҳужжатларни нашр этишда;
- республика аҳамиятига эга бўлган нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, шунингдек ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган, оммавий равишда тарқатиш ёки қўлёзма ҳуқуқи асосида кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;
- оммавий ахборот воситалари ушбу оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари томонидан чоп этилганда.
Ноширлик маҳсулотини тарқатиш шартномалар асосида амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.11.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.