Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2023 йилдаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантиришга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 262-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қатор низомлар тасдиқланмоқда, жумладан:
- Болалар учун мўлжалланган энг яхши теле- ва радиолойиҳа танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
- Ҳужжат жами 30 та энг яхши лойиҳани молиялаштиришни назарда тутади. Танлов ҳар йили июль–август ойларида ўтказилади;
- Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
- Биринчи ўрин учун БҲМнинг 50 баравари, 2-ўрин учун 40 баравари ва 3-ўрин учун 30 баравари миқдорида рағбатлантириш белгиланмоқда;
- ОАВ ходимларининг хорижий тилларни ўрганиш ҳамда хорижий тиллар бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом.
- Ҳужжат ОАВда камида 1 йил давомида ишлаб келаётган ходимларнинг хорижий тилларни (инглиз,немис, француз, испан, араб ва хитой) ўрганиш ва имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатларининг 50%, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисмини компенсация қилишни назарда тутади. Бунинг учун ходим В2 ёки ундан юқори даражада сертификатни қўлга киритиши лозим.
- Жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби тўғрисидаги низом.
- Ҳужжат болаларга мўлжалланган даврий босма нашрлар учун обуна нархининг 20% миқдорини, бошқа турдаги нашрларга обуна нархининг 10% миқдорини қоплаб беришни назарда тутмоқда;
- Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклларини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом.
- Низом билан энг яхши 20 та лойиҳани аниқлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби белгиланмоқда
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.06.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.