Президентнинг 21.12.2023 йилдаги «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-208-сон Фармони қабул қилинди.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишларига кўмаклашиш, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қуйи ташкилотларининг жойларда ишини тўғри йўлга қўйиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилади.
Қуйидагилар Қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини ифодалаш;
- эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- давлат хизмати, таълим, илм-фан ва инновация, спорт, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
- хотин-қизларнинг касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига кўмаклашиш ва бошқалар.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида мавжуд Бош вазир ўринбосари штати негизида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими жорий этилади.
Қўмита раиси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари - Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;
- вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари - вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари лавозими;
- туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари - туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозими киритилади.
Қўмита тузилмасида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
Унинг асосий вазифалари:
- Қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш;
- оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни чуқур таҳлил қилиш;
- оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар, социологик сўров, илмий конференциялар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқалар.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳам Қўмита тузилмасига ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.12.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова