Президент томонидан 27.12.2023 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-890-сон Қонун имзоланди.
Божхона кодексига давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган махсус спорт кийим-бошлари, пойабзал, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналарининг эллик фоизи учун божхона божини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектларига 5 нафаргача доимий ходимни улар билан меҳнат шартномасини тузган ҳолда ёллаш ҳуқуқи (илгари 3 нафаргача) берилмоқда.
Бундан ташқари, бир оилавий корхона иштирокчисига бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.
Шаҳарсозлик кодексига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатлари бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.12.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев