Президентнинг 27.03.2021 йилдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5041-сон қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2021 йилда Дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар кесимидаги мақсадли параметрлар.
- 2021 йилда Дастурлар доирасида лойиҳаларни кредитлашнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлар.
Маълумот учун! Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурларга қуйидагилар киритилган:
а) «Ҳар бир оила − тадбиркор» дастури;
б) Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини, шунингдек хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари;
в) Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури;
е) Бандликка кўмаклашиш дастури.
2021 йил 1 апрелдан бошлаб:
- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади;
- кредит олишга талабгорларга «Агробанк» АТБ, АТ «Халк банки» ва «Микрокредитбанк» АТБлар орасидан бирини ихтиёрий танлаб, барча дастурлар доирасида имтиёзли кредит олиш бўйича мурожаат этиш имконияти яратилади;
- кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан (ишлар бажарилганидан) сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади;
- ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин;
- «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун:
а) Молия вазирлиги 1,3 трлн сўм миқдоридаги маблағни ваколатли банкларнинг устав капиталини оширишга, шу жумладан «Агробанк» АТБга − 700 млрд сўм, «Микрокредитбанк» АТБга − 400 млрд сўм ва АТ «Халқ банк»га − 200 млрд сўм йўналтиради.
б) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси уч йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга:
- ваколатли банкларга 1,6 трлн сўмлик кредит ресурслари ажратилишини таъминлайди;
- АТ «Алоқабанк»ка − асаларичиликни ривожлантириш учун 5 млн АҚШ доллари эквивалентида ва «Туронбанк» АТБга тадбиркорлик субъектларининг 10 сотихдан кам бўлмаган майдонларда лимончиликни ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун 8 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилишини таъминлайди.
Тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар МБнинг асосий ставкаси доирасида белгиланади. Тижорат банкларига кредит ресурслари МБнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст даражада ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.03.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.