1 августдан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарув ходимларининг тариф коэффициентлари оширилади, илмий даражалар ва хизмат қилган умумий иш стажи учун устамалар жорий қилинади. Моддий рағбатлантириш чоралари Президентнинг 11 июлдаги Фармонида назарда тутилган.
Биринчидан, ЯТС бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра вазирлик бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорида қўлланади. Бу билан боғлиқ қўшимча харажатлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Иккинчидан, вазирлик марказий аппарати ходимлари ойлик иш ҳақига қуйидаги устамаларни оладилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:
- фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари – 30%;
- фан доктори ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари – 35% устамалар белгилаш;
б) Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан - олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида хизмат қилган умумий иш стажи учун:
- 3 йилдан 5 йилгача – 10%;
- 5 йилдан 10 йилгача –20%;
- 10 йилдан 20 йилгача – 30%;
- 20 йилдан ортиқ – 40%.