Президентнинг 24.05.2024 йилдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-81-сон Фармони қабул қилинди.
Олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш бўйича тартиб тасдиқланди. Хусусан, 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб:
- давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустасно;
- давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади.
Хусусий олий таълим муассасаларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади. Бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат микдоридан ошмаган ҳажмда молиялаштирилади.
Давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади.
Олий таълим ташкилотлари кейинги ўқув йили учун ўз қабул параметрларини шакллантиради ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади. Вазирлик қабул параметрлари асослилигини ўрганади ҳамда уларни Таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади.
Давлат комиссияси олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва тиллар кесимида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий қабул параметрларини, имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини, мақсадли қабул квоталарини ҳамда магистратура мутахассисликлари қабул параметрларини олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқлаб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улуши таълим соҳалари кесимида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан шакллантириладиган олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда 4 йиллик давр учун тасдиқланади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат грантини ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратилади:
- грант имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади;
- таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида ўқишга қабул қилинган талабалар учун ажратилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади. Бунда:
- у биринчи курсда давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;
- грант иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади.
Бунда таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади. У ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади.
Ҳужжат билан таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.
2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим ташкилотларининг бошқа таълим шаклларига умумий қабул параметри кундузги таълим шакли учун белгиланган қабул квотасидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.
Бундан ташқари, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.
Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:
- биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди. Ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади;
- иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.05.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова