Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzТри сценария для оборудования, импортированного без НДС: налоговые последствия при продаже, аренде и использовании Что изменится в Узбекистане в декабре 2024 года Какая ответственность наступает за разные виды нарушений Что должны содержать чеки продажи и возврата

Озуқабоп экинлар етиштирувчиларга қудуқларни бурғулашга субсидиялар қандай ажратилади

18.07.2019

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2019 йилдаги 587-сон қарори билан Лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчиларнинг суғориш тик қудуқларини бурғулаш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тасдиқланди.  

 

Эслатиб ўтамиз, озуқабоп экинлар етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари Президентнинг 18.03.2019 йилдаги ПҚ-4243-сон қарорида белгиланган. Хусусан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни жорий қилиш учун лалми ва яйлов ерларда суғориш тик қудуқларини бурғулашга ҳар бир метр чуқурлик учун 100 000 сўм миқдорида субсидия ажратилди. Қабул қилинган ҳужжат билан уларни бериш механизми белгиланди.

 

Ишлаб чиқарувчилар субсидия олиш учун махсус ташкил этилган ҳудудий ишчи гуруҳларга мурожаат қилишлари лозим. Унинг таркибига вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек вилоятлар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, иқтисодиёт ва саноат, молия бошқармалари, гидрогеология экспедицияси, электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари ва бошқалар киритилган.

 

Суғориш тик қудуқларини қуришга (бурғулашга) оид қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

  • ишчи лойиҳа;
  • пудрат ташкилотлари билан тузилган шартнома;
  • тугалланган ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси.

 

Ишчи гуруҳ ариза тақдим этилгандан сўнг 5 кун муддатда ҳужжатларни жойига чиқиб ўрганади ва хулоса тайёрлайди. Хулосада лойиҳа қиймати ва пудрат шартномаси баҳоси, қудуқнинг чуқурлиги кўрсатилади. 

 

Ижобий хулоса олган талабгорлар рўйхати ҳар ойда шакллантирилади ва кейинги ойнинг 5-санасига қадар Ветеринария ва чорвачилик давлат қўмитасига, шунингдек Молия вазирлигига ҳамда вилоятлар молия бошқармаларига тақдим этилади. Молия вазирлиги, ўз навбатида, субсидия ажратиш учун тегишли маҳаллий бюджетлар параметрларига ўзгартиришлар киритади. 

 

2020 йилдан бошлаб озуқабоп экинлар етиштирувчиларнинг қудуқларни бурғулаш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари кредитлари (қарзлари) ва грантлари жалб этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.07.2019 йилдан кучга кирди. 

  

Ленара Хикматова.