Вазирлар Маҳкамасининг 8.08.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида «Индорама» компанияси (Сингапур) билан замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 632-сон қарори эълон қилинди.
Қарорга мувофиқ, манфаатдор идоралар, шунингдек «Индорама» компанияси (Сингапур) (бундан кейин – инвестор) «Indorama Kokand Textiles» МЧЖ ҚК мавжуд қувватлари асосида ва инвестор томонидан ташкил этилаётган юридик шахс – операцион компания (бундан кейин – операцион компания) 2019–2023 йилларда қуйидаги суммадаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш лойиҳасини (бундан кейин – лойиҳа) амалга оширадилар:
- алмашлаб экиш асосида пахта хом ашёси, маккажўхори, ёхуд бошқа экин етиштириш мақсадида 225,0 миллион АҚШ доллари;
- лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш даврида пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва ип калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 115,0 миллион АҚШ доллари.
Биринчи босқичда Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари инвесторнинг буюртманомаларига кўра 2018 йил 1 ноябргача Касби, Нишон, Сардоба ва Оқолтин туманларида қуйидагилар белгиланган тартибда ажратиб берилишини таъминлайдилар:
- пахта хом ашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун операцион компанияга 40,0 минг гектар суғориладиган ерлар;
- пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича операцион компания билан тўғридан-тўғри контрактация шартномаларини тузишларини кўзлаб фермер хўжаликларига пахта хом ашёсини етиштириш учун 10,0 минг гектар ер майдонлари.
Иккинчи босқичда Фарғона ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари пахта хом ашёси ва қишлоқ хўжалиги экинларининг бошқа турларини етиштириш учун ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисидаги операцион компаниянинг таклифларини кўриб чиқадилар.
Белгиланишича, операцион компания пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси ҳисобланади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 53-сон қарори 2, 7 ва 13-бандларининг амал қилиши унга нисбатан татбиқ этилмайди:
- пахтадан олинган чигит операцион компания томонидан мустақил равишда қайта ишланади ёки маҳсулотни қайтариш асосида ёғ-мой корхоналарига, ёғ-мой маҳсулотини кейинчалик биржа савдолари орқали реализация қилиш шарти билан, қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) эса тўғридан-тўғри шартномалар бўйича биринчи навбатда, фермер хўжаликларига, шунингдек, бошқа маҳаллий истеъмолчиларга сотилади;
- қўшимча маҳсулотлар (линт, ўлик пахта ва бошқалар) операцион компания томонидан маҳаллий истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади;
- пахта-тўқимачилик кластери доирасида етиштириладиган пахта толаси ва техник чигитлардан фақат республика корхоналарида ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилиши керак.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва инвестор қуйидагиларни мажбурий тартибда назарда тутган ҳолда битим тузадилар:
- пахта хом ашёси ҳосилдорлиги ошишини таъминлаш учун замонавий механизациялаштирилган ва илмий услубиятларни жорий этиш;
- камида 1 500 та янги иш ўрни яратиш;
- пахта хом ашёсини BCI («Экологик жиҳатдан янада тоза пахта учун») стандартлари бўйича етиштириш, республикада тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун жаҳон брендларини жалб этиш, ёхуд операцион компанияга ажратиб берилган ерларда пахта хом ашёсини етиштириш билан боғлиқ ҳажмларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан тайёр маҳсулот сотиб олиш.