Президент 22.07.2024 йилдаги "Пахтачилик соҳаси корхоналарининг иқтисодий-молиявий ҳолатини яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-103-сонли Фармонни имзолади.
Пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлигини ва пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш узлуксизлигини таъминлаш, шунингдек ўзаро ҳисоб-китоблар интизомини мустаҳкамлаш учун пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий соғломлаштиришга қаратилган қуйидаги чоралар белгиланди:
- 2024 йил 1 декабргача 2023 йилги пахта хом ашёсини етиштириш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитларни тўлиқ қайтарган кластерларга ушбу кредит бўйича фоиз тўловлари (банк маржасидан ташқари) 2025 йил 1 январгача Жамғарма ҳисобидан қайтарилади;
- кластерларга 2023 йилги пахта хом ашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар қолдиғини қайтариш муддатлари, мос равишда тижорат банкларига ажратилган Жамғарма кредит ресурсларининг муддатлари тижорат банкларининг ижобий хулосаси асосида 2025 йил 1 апрелгача узайтирилади.
Ҳужжат билан 2024 йил 1 августдан бошлаб Жамғарма кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича кластерлар таъсисчиларининг шахсий кафиллиги қўшимча тартибда расмийлаштирилиши белгиланди.
Шунингдек, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ва қиймати сотиб олиш қийматининг 35 фоизи ва ундан кўпроғи тўланган пахта тозалаш заводлари ва пахта қабул қилиш пунктларини жалб қилинаётган кредит бўйича мулкий мажмуа сифатида гаровга қўйишга рухсат берилди. Бунда:
- мулкий мажмуаларни сотиб олиш бўйича тўловларнинг қолган қисмини таъминлаш сифатида тўловларни тўламаслик бўйича суғурта компаниясининг суғурта полиси ва (ёки) учинчи шахснинг кафиллиги ёхуд бошқа банкнинг кафолати тақдим этилади;
- мулкий мажмуаларни кредит қарздорлиги ҳисобига гаров мулки сифатида топширишда савдолар уларнинг фаолият турларини сақлаб қолиш шарти билан амалга оширилади.
Фармон билан тугатилаётган "Ўзпахтасаноат" АЖнинг мулкий мажмуаларини сотиб олиш бўйича кластерлар билан тузилган олди-сотди шартномаларида белгиланган тўловлар жадвали бўйича қарздорлик муддати бир йилга узайтирилди.
Мажбуриятларни бажармаган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш бўйича Ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 23 июлдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова