Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как бизнесу получить право на оказание услуг по хранению задержанных авто Осторожно, должники: как Таможенный комитет защищает экспортеров Кто попал под пристальное внимание Нацкомстата по итогам III квартала 2026 года

Педагогларнинг фарзандлари учун контракт тўловига чегирма жорий этилади

21.09.2026

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2026 йилдаги 501-сон қарори билан давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандларига тўлов-контракт суммасига чегирма бериш тартиби тасдиқланди.

 

Ҳужжатга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандларига ҳар йили тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида чегирма берилади.

 

Имтиёз давлат олий таълим муассасаларида бакалавриатнинг кундузги бўлимида таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандларига татбиқ этилади. Битта педагогнинг бир нечта фарзанди таълим олаётган бўлса, чегирма уларнинг ҳар бирига алоҳида берилади.

 

Ушбу чегирма қуйидаги талабаларга тақдим этилмайди:

• олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида;

• Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида;

• қўшимча ва табақалаштирилган шартнома асосида;

• хорижий ҳамкор университетларнинг қўшма таълим дастурлари ва факультетларида;

• нодавлат олий ўқув юртларида.

 

Контракт тўлови шартномасини олиш учун kontrakt.edu.uz тизими орқали ариза топшириш лозим. Аризани кўриб чиқиш жараёнида педагог фарзандининг мақоми «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали тасдиқланади. Шундан сўнг чегирма автоматик равишда қўлланилади.

 

Аризалар ваколатли орган томонидан икки иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Бунда чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир марта тақдим этилади.

 

Агар ўқиш даврида талабанинг ота-онаси – отаси ёки онаси педагоглар тоифасига кирмайдиган бўлса, чегирма бериш кейинги ўқув йилидан бошлаб тўхтатилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2026 йилдан кучга кирди.

 

                                                   Лола Абдуазимова