Президентнинг 01.04.2022 йилдаги “Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-188-сон қарори қабул қилинди.
Юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институти Самарқанд давлат тиббиёт университети этиб қайта ташкил этилмоқда. У Самарқанд давлат тиббиёт институтининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Университет таркибида қуйидагилар ташкил этилди:
- Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти;
- Самарқанд давлат тиббиёт институтининг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникаси ва Ихтисослашган болалар хирургик клиникаси;
- Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.М.Исаев номидаги филиали ва унинг клиникаси негизида Л.М. Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси;
- Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази;
- Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази.
Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, клиника ва ўқув базалари фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш;
- фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш;
- хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022-2025 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт университетини комплекс ривожлантириш дастури;
- Самарқанд давлат тиббиёт университетини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари);
- Самарқанд давлат тиббиёт университети кафедраларини Самарқанд вилояти туман (шаҳар)ларига бириктириш рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.04.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.