Вазирлар Маҳкамасининг 13.03.2023 йилдаги 105-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш майдонларини биринчи босқичда 3 қават, келгусида – 5 қаватгача қуриш имконини берувчи лойиҳалар асосида барпо этиш;
- “Нукус технопарки” махсус саноат зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар чегараларини “Нукус” эркин иқтисодий зонасидан чиқариб ташлаш;
- Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда стартап лойиҳаларни молиялаштириш;
- ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар тугатилиши муносабати билан уларнинг ваколатларини махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ва ягона дирекцияларга ўтказиш;
- саноат зоналари ҳудудида ер участкаларини электрон аукцион савдолари орқали ажратиш тартиби белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳужжатларини мувофиқлаштириш;
- Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёшларга 500 минг долларгача кредитлар ажратиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.03.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.