Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzУдерживать ли НДС, оплачивая страховые услуги иностранной компании Если нет утвержденных нормативов естественной убыли ТМЦ Какие налоговые льготы продлеваются для негосударственных образовательных учреждений

Савдони ривожлантириш компанияси экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлайди

18.03.2024

Читать на русском языке

Президентнинг 14.03.2024 йилдаги ПҚ-126-сонли “Ташқи савдо ва ҳудудий саноатни ривожлантиришда тадбиркорлар бирлашималарининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ ташкил этилади. Унинг устав капиталидаги давлат улушини бошқариш функцияси ишончнома асосида Савдо-саноат палатасига берилади.

 

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига кўмаклашиш  учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида юридик шахс ташкил этмасдан очиладиган Савдога кўмаклашиш жамғармасига  йўналтирилади. Жамғарма маблағларини бошқариш ҳуқуқи Компанияга берилади.

 

«Ўзбекэкспертиза» АЖ устав капиталидаги давлат улуши давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли улушларни Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказган ҳолда давлат улушини бошқариш функциясини ишончнома асосида Савдо-саноат палатасига берилади.

 

2024 йил 1 июлдан бошлаб Компания томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги асосида қуйидагиларга тақдим этилади. Бундай чоралар таркибида – молиявий ёрдам кўрсатиш тадбирлари мавжуд:

● стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш, шунингдек, хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказишда экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий кўмак кўрсатиш;

● экспорт қилувчиларга улар суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплаш учун компенсациялар тақдим этиш;

● тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш бўйича транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаш учун компенсациялар тақдим этиш;

● молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритишни жорий қилиш харажатларини қисман қоплаб бериш;

● маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шу билан бирга, реклама компанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш.

 

Компания томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш шартлари ҳамда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси  томонидан белгиланади.

 

Компаниянинг Кузатув кенгаши тадбиркорлик субъектларининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларни Компания даромадлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ёрдам инструментларини жорий этишга ҳақли.

 

Ҳужжат билан Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қуйидаги вазифаларни амалга оширувчи Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш лойиҳа офисларини ташкил этиш кўзда тутилган. Уларнинг вазифаси:

● бизнес-режа ишлаб чиқиш ва уларга тайёр бизнес лойиҳаларини таклиф этиш, корпоратив бошқарувни йўлга қўйишда амалий ёрдам бериш;

● тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш, тадбиркорларнинг инфратузилма, хизматларни кўрсатиш (ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш) ва экспорт қилишдаги муаммоларини тегишли вазирлик ва идоралар вакилларини жалб этган ҳолда ҳал этиш;

● ҳудудларда электрон платформаларни йўлга қўйиш орқали тадбиркорлик субъектларининг малакасини ошириш, молиявий-иқтисодий ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш.

 

Савдо-саноат палатаси Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг бошқарувини вақтинчалик амалга оширади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.03.2024 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова