Президентнинг 18.07.2018 йилдаги «2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил октябрда 2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури, ўша йил ноябрда эса – ёш оилалар, эски уйларда яшовчилар ва турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифалари учун 2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури (22.11.2016 йилдаги ПҚ–2660-сон қарорга қаранг) қабул қилинган.
Қишлоқ ва шаҳарларда умумий кредитлаш шартлари
1.07.2018 йилдан 1.01.2020 йилгача бўлган даврда қишлоқ жойларда ва шаҳарларда ипотека кредити беришнинг ягона шартлари белгиланди. Ипотека 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7% ставкаси билан ва кейинги даврда МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида расмийлаштирилади.
! Шу тариқа, дастур доирасида шаҳарларда ипотека кредити беришнинг базавий шартлари ўзгартиришсиз қолдирилди. Бироқ таянч докторантуранинг 2-курсидан бошлаб, олий таълимдан кейинги таълим институтида таҳсил олаётган докторантлар учун ипотеканинг узоқроқ муддати – 25 йил назарда тутилган эди. Янги ҳужжатда докторантларга кредит беришнинг алоҳида шартлари ҳақида гапирилмаган, Кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш, шунингдек ёш оилаларга, эскирган уй-жойларда яшаётганларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига сотиш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилгандан кейин вазият ойдинлашади.
Ўз навбатида, қишлоқ жойларда ипотека кредитини расмийлаштириш муддати 15 йилдан 20 йилгача оширилди.
Дастлабки бадалларнинг янги миқдорлари тасдиқланди
Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун уй қурувчиларга дастлабки бадал:
- 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2, 3, 4, 5 қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10%ни;
- 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2 қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25%ни ташкил этади.
! Бинобарин, I ва II типдаги уйлар учун илгари амал қилган миқдор (15%ни ташкил этган) пасайтирилди, III типдаги уйлар учун эса аввалги даражада сақланиб қолди. Шунингдек иморатларнинг янги турлари киритилди: I типга – 4 ва 5 қаватли кўп квартирали уй-жойлар, III типга 6 сотихли участкаларда бир қаватли 3, 4 ва 5 хонали уй-жойлар.
Шаҳарларда ёш оилаларга, эски уйларда яшовчиларга ва турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига дастлабки бадалнинг ўртача миқдори 25%дан 15%гача пасайтирилди. Бунда дастлабки бадалнинг табақалаштирилган миқдори (квартира жойлашган қаватга қараб) амалиётга жорий этилмоқда.
Дастурларни амалга оширишда «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, ТИФ Миллий банки, «Ипотека банк» АТИБ, Халқ банки АТБ, «Асака» АТБ ва «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ иштирок этади. Уларнинг буюртманомалари бўйича МВ кредит линиялари очади. Шунингдек жорий йилда қишлоқ жойларда уй-жой қуриш учун Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилади.
Олег Заманов.