21.12.2018 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-506-сон Қонун эълон қилинди.
Ҳужжат билан Ер ва Солиқ кодексларига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида» ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунларга тузатишлар киритилди.
Биринчидан, фуқаролар йиғинларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Илгари “маҳалла”ни фақат ерларни муҳофаза қилишга, яъни уларни бузилишининг олдини олишга жалб қилишар эди. Энди ўзини ўзи бошқариш органлари экин майдонларидан самарали фойдаланилишини жамоатчилик назорати тартибида кузатадилар.
Масалан, фуқаролар йиғини кенгаши ўз ҳудудида ҳар бир деҳқон хўжалиги ёки томорқа ер эгаси учун етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз ҳажмларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Илгари бу фақат Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2018 йилдаги 205-сон қарорида назарда тутилган эди.
Эслатиб ўтамиз, барча маҳаллалар учун “режа” ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади, ҳоким ва халқ депутатлари кенгаши эса тасдиқлайди. Ўзини ўзи бошқариш органи деҳқонлар ва томорқа ер эгалари ўртасида ҳажмларни тақсимлайди. Бунда прогноз кўрсаткичларнинг бажарилмаслиги:
- якка тартибдаги уй-жой қурилиши ҳамда уй-жойни ободонлаштириш мақсадида берилган ер участкаларидан 3 баробар ер солиғи;
- уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишига (батафсил шарҳга қаранг) сабаб бўлади.
Иккинчидан, деҳқон хўжалиги учун ерни ҳали оила қурмаган ва қишлоқ жойларда 3 йил мобайнида яшамаган ёш фуқароларга беришга рухсат этилди. Бундай талабгорлардан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсияси талаб этилади. Бу қоида билвосита жаҳонда оммабоплик касб этаётган шаҳардан қишлоққа кўчиб ўтиш («дауншифтинг») учун шароит яратади.
Эслатиб ўтамиз, илгари шу каби тавсиялар фермер хўжалиги юритиш мақсадида ер олиш учун баҳоланиши мумкин бўлган 80 баллдан қўшимча 10 балл бериши белгиланган эди (шарҳга қаранг). Бироқ, фермер бўлиш истагида бўлганлар орасида бошқа тенг шартларда ҳануз мазкур жойда яшовчилар устун ҳуқуққа эга.
Учинчидан, Ер кодекси ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонундан деҳқон хўжалиги томорқа ер участкасида ташкил этилиши тўғрисидаги қоида чиқариб ташланди. Илгари деҳқон хўжалиги тушунчасининг ўзи бир вақтнинг ўзида майда товар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилиши ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган ерда - томорқа ер участкасида унинг фаолиятини назарда тутган. Энди деҳқон хўжалиги учун ер уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилиши мумкин. Участка эгасининг ишлаб чиқариш фаолияти жойида яшаши шарт эмас, давлат эса участкадан нотўғри фойдаланилганда уни олиб қўйиши осон бўлади.
Бу – муҳим! Илгари берилган томорқа ер участкалари аввалги мақомини сақлаб қолади. Янги нормалар, фикримизча, келажакда бериладиган ерларга дахл қилади.
Тўртинчидан, Солиқ кодексининг 329 ва 330-моддалари нормаларига Президентнинг 10.10.2017 йилдаги ПҚ-3318-сон қарори 3-банди билан барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига тақдим этилган имтиёзларни инобатга олган ҳолда янгиланди. Шу тариқа, кенгашлар умумий юрисдикция судлари ва иқтисодий судларда:
- фермер, деҳқон хўжаликларининг ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;
- давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қилинган шикоятлар юзасидан давлат божи тўлашдан озод этилди.
Бу – муҳим! Даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.12.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.
Комментарии (2)
Добавить комментарийГость_Абдувосит :
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики, воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
Гость_solaykurbanov@gmail.com :
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики, воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!