Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом ва Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди (ВМнинг 7.05.2019 йилдаги 381-сон қарори).
Эслатиб ўтамиз, ЛБМА ва Аккредитация марказининг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш ва қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи шахсларни аккредитация қилиш бўйича ваколатлари Қурилиш вазирлигига ўтказилган (10.01.2019 йилдаги ПФ–5624-сон Фармонга қаранг).
Шу муносабат билан вазирликка қуйидаги вазифалар топширилди:
- 2020 йил 1 июлга қадар – архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини амалга ошириш учун илгари берилган лицензияларни давлат божи ундирмасдан қайта расмийлаштириш;
- 2020 йил 1 январга қадар – қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш чораларини кўриш.
Тасдиқланган низомларда белгиланишича, лицензиялаш ва аккредитация қилиш бўйича давлат хизматлари Қурилиш вазирлиги (лицензияловчи ва аккредитацияловчи орган) томонидан ўзи келиб мурожаат қилганда Давлат хизматлари марказлари ёки электрон тарзда ЯИДХП орқали кўрсатилади.
Давлат хизматлари марказлари, ваколатли ва аккредитацияловчи орган ўртасида ахборот алмашинуви ЭРИни мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади. Мурожаат қилувчилар лицензиялаш ва аккредитациялаш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун сўровнома тўлдирадилар, унга зарур ҳужжатлар илова қилинади.
Ўзи келиб мурожаат этганда давлат хизмати кўрсатилганлиги учун – 3 ЭКИҲ, ЯИДХП орқали мурожаат қилганда эса ушбу сумманинг 90%и миқдорида йиғим ундирилади (15.02.2019 йилдаги ПҚ–4193-сон қарорга мувофиқ ушбу тартиб 1.06.2019 йилдан жорий этилади, таҳр.). Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
Келиб тушган йиғим суммалари қуйидаги тартибда тақсимланади:
Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилганда |
ЯИДХП орқали мурожаат қилганда |
20%и – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига |
10%и – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига |
қолган маблағлар – ваколатли ёки аккредитацияловчи органнинг банкдаги ҳисобрақамига |
10%и – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисобрақамига |
қолган маблағлар – ваколатли ёки аккредитацияловчи органнинг банкдаги ҳисобрақамига |
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги, шунингдек давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим тўланмаганлиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.
Лицензия берилганлиги учун белгиланган миқдорда давлат божи, аккредитация қилганлик учун 20 ЭКИҲ миқдорида йиғим тўланади. Давлат божи ёки йиғимнинг тўланмаслиги лицензия беришни ёки аккредитация қилишни рад этиш учун асос бўлади.
Лицензия – чекланмаган муддатга, аккредитация гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади. Ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади ва Давлат хизматлари марказига юборилади. Талабгорнинг сўровига кўра ҳужжатлар қоғоз шаклида берилиши мумкин.
Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8.05.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.