Президентнинг 05.12.2024 йилдаги «"Ғелон" туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-424-сон қарори қабул қилинди.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида «Ғелон» халқаро умумавсумий курорт мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги келишувга 2023 йил октябрь ойида Қозон шаҳрида ўтган Минтақалараро ҳамкорлик III Форуми доирасида Россия томони билан эришилган эди.
Инвестиция лойиҳаси доирасида инвестор дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 300 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади ва эҳтимолий таваккалчиликларни ўз зиммасига олади. Лойиҳа 2024–2030 йиллар давомида уч босқичда амалга оширилади, бунда 2027 йил 1 январгача 100 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган.
Қарорга мувофиқ туристик зона умумий майдони 2,9 минг гектар бўлган ер участкасида барпо этилади. «Ғелон» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида ташкил этилади.
Туристик зона ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар объектлар, шунингдек муҳандислик инфратузилмаси қурилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- «Ғелон» туристик-рекреацион зонаси чегараларининг Тавсифи;
- «Ғелон» туристик-рекреацион зонаси ҳудудини тизимли ривожлантириш чора-тадбирлари;
- «Ғелон» туристик-рекреацион зонасини ва унга олиб борадиган йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш дастури.
Туристик зона ҳудудидаги ер участкаларини реализация қилиш ва ижарага беришдан тушадиган маблағлар аукцион харажатлари чегирилган ҳолда Дирекциянинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.
Туристик зонанинг бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек консалтинг ва бошқарув компаниялари, маҳаллий ва хорижий экспертлар хизматлари ҳақини тўлаш Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова