Вазирлар Маҳкамасининг 13.06.2024 йилдаги “Шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 331-сон қарори қабул қилинди.
Тасдиқланган Низом қуйидагиларни белгилайди:
- шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундан фойдаланиш мақсадлари;
- ва қуйидаги тартибларни:
-шахсий инвестиция ҳисобварағидаги маблағларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ҳолати тўғрисида маълумотларни тақдим этиш;
-шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлар бўйича имтиёзларни қўллаш;
-шахсий инвестиция ҳисобварағини ёпиш.
Низом қоидалари акциялар, корпоратив облигациялар, узоқ муддатли давлат қимматли қоғозлари, муниципиал облигациялар, инвестиция пайлари ва пай фондларига нисбатан татбиқ этилади.
Низом билан қуйидагилар назарда тутилган:
- шахсий инвестиция ҳисобварағи маҳаллий фонд бозорида муомалага чиқарилган ва уюшган қимматли қоғозлар бозорида савдо қилинадиган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун фойдаланилади;
- шахсий инвестиция ҳисобварағи бир йил муддатга тузиладиган шартномага асосан инвестиция воситачиси томонидан очилади ва юритилади;
- мижоз фақат битта шахсий инвестиция ҳисобварағига эга бўлиши мумкин;
- шахсий инвестиция ҳисобварағига бадал ва ундаги барча операциялар миллий валютада амалга оширилади;
- мижоз шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш учун инвестиция воситачисига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) кўрсатган ҳолда ариза ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади;
- инвестиция воситачиси мижозга бир кун ичида шахсий инвестиция ҳисобварағини очади.Бунда инвестиция воситачиси масофадан туриб рақамли идентификация қилиш орқали электрон шаклда шахсий инвестиция ҳисобварағи очиши, мижознинг қимматли қоғозларини сотиб олиши ва сотиши, шунингдек, унга шартномага мувофиқ бошқа хизматларни кўрсатиши мумкин;
- шахсий инвестиция ҳисобварағи ваколатли орган – Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан белгиланадиган ягона депозитар ҳисоби ва ҳисоботи қоидаларига (стандартларга) мувофиқ очилади ва юритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.06.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова