Президент 22.05.2026 йилдаги "Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда "Сифатли давлат бошқаруви" дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ф-32-сон фармойишни имзолади.
Мақсад – икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришда БААнинг илғор тажрибасини жорий этиш. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ягона мезонлар асосида баҳолаш методикаси ишлаб чиқилди.
2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекциялар фаолияти Дастур параметрлари асосида баҳоланади.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги Дастурни амалга ошириш учун масъул органлар этиб белгиланди.
Шунингдек, дастурда иштирок этадиган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари рўйхатларини, шунингдек, тегишли агентликлар томонидан белгиланадиган мукофотлаш номинацияларини тасдиқлаш кўзда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



