Наслли ва спорт отларига «от паспорти»ни бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 12.03.2019 йилдаги 214-сон қарори), дея хабар беради Адлия вазирлиги.
Бундай ҳужжат от эгасининг хоҳишига кўра берилади. У наслли ва спорт отларининг аукционларда, кўргазмаларда, миллий ва классик от спорти ўйинларида, спорт мусобақаларида иштирок этиши, шунингдек отлардан хизмат отлари сифатида фойдаланиш учун зарур.
Уни расмийлаштириш учун от эгасидан ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида тўлов ундирилади. Маблағлар Йилқичилик ва от спортини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Мазкур паспорт Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси буюртманомасига асосан тайёрланади ҳамда наслли ва спорт отларининг бутун умри давомида амал қилади. У 10 иш кунида расмийлаштирилади ва от эгасига тақдим этилади.
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси наслли ва спорт отлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради ва Давлат наслчилик китобини юритади.