Республикада халқаро, давлатлараро, минтақавий стандартларни ва хорижий мамлакатларнинг стандартларини қабул қилиш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 14.03.2019 йилдаги 220-сон қарори).
Стандартлар қуйидагилар асосида қабул қилинади:
- Ҳукуматнинг топшириқларини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган режалар, дастурлар ва тадбирлар;
- «Ўзстандарт» агентлиги (бундан кейин – Ўзстандарт) томонидан тасдиқланадиган Республика стандартлаштириш йиллик дастури;
- стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг иш режалари;
- манфаатдор томонларнинг Ўзстандартга буюртманомалари (мурожаатлари).
Халқаро стандартлар Ўзбекистоннинг давлат стандартлари шаклида, давлат тилида ва асли ёзилган тиллардан бирида қабул қилинади. Бунда давлат стандартлари айнан ўхшаш (IDT қисқартмаси билан), модификацияланган (MOD) ёки халқаро стандартларга нисбатан эквивалент бўлмаган (NEQ) бўлиши мумкин.
Минтақавий стандартлар идентификация рақамини давлат тилида ва асли ёзилган тиллардан бирида сақлаган ҳолда бевосита қабул қилинади. Хорижий мамлакатларнинг стандартлари идентификация рақамини давлат тилида ҳамда асли ёзилган тиллардан бирида сақлаган ҳолда тўғридан-тўғри қўлланилади.
Қабул қилинаётган стандартда Ўзбекистонда қабул қилинмаган бошқа стандартларга ҳаволалар мавжуд бўлса, уларнинг бир вақтда қабул қилиниши бўйича ишлар бошланади. Бунда ҳавола қилинган стандартларни қабул қилиш муҳимлиги ҳисобга олинади: биринчи навбатда қабул қилинаётган стандарт билан чамбарчас боғлиқ бўлган, унинг талаблари бажарилишини таъминлайдиганлари қабул қилинади.
Стандартларни келишиш ва қўллаш механизми қуйидагича. Ўзстандарт 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда хорижий мамлакатларнинг стандартларини қўллаш тўғрисида розилигини олиш учун уларнинг стандартлаштириш бўйича ваколатли органларига сўров юборади. Манфаатдор томонлар билан келишиш стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар, улар бўлмаган тақдирда – Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти (бундан кейин – Институт) томонидан амалга оширилади.
Қабул қилинаётган стандарт манфаатдор томонлар томонидан 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади, унинг натижаларига кўра уни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги (мақсадга мувофиқ эмаслиги) тўғрисидаги таклифлар шаклланади. Ушбу масала юзасидан хулоса 5 кун муддатда Ўзстандартга киритилади, у худди шунча муддатда қарор қабул қилади.
Стандартлар уларни амалга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай кучга киради. Амалдаги давлат стандарти ўрнига ҳужжат қабул қилинган тақдирда ўтиш даври – 12 ойдан кўп бўлмаган муддат назарда тутилади.
Қабул қилинган стандартлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг Давлат фонди таркибига киритилади, Ўзстандарт уларнинг реестрини юритади. Қабул қилинган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумот Ўзстандарт ва Институтнинг расмий сайтларида уларни қўллаш ҳақидаги қарор қабул қилингандан сўнг 5 кундан кеч бўлмаган муддатда эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этмаганлик учун МЖТКнинг 212-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.03.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.