Президентнинг 05.01.2024 йилда 5-сонли «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув - текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида:
• сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилинди;
• Сув хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасалари ташкил этилади;
• сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизи Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.
Қуйидагилар Сув етказиб бериш хизматларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
• белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
• ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
• суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш;
• сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
• истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органлари тақдим этиш ва ҳоказо.
ЎРҚ-891-сон Қонуннинг 4-моддаси 38-банди асосида қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахсларга сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси бир куб метр учун 100 сўм қилиб белгиланган.
2024 йилдан бошлаб:
• Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 25 мартга қадар вегетация даври учун ва 25 сентябрга қадар куз-қиш даври учун сув манбаларнинг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлайди;
• Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар – куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман кенгашларига киритади;
• истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баравар оширилган ҳолда ҳисобланади;
• сувни тежайдиган суғориш технологияларинги жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга “suvkredit.uz” платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14% ставкада кредитлар ажратилади;
• сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш усчун субсидиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ушбу технологиялар жорий қилинган йилнинг ўзида тўлиқ миқдорда ажратилади.
2025 йилдан бошлаб:
• сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
• сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
• балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
• сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,5 оширувчи коэффициент қўлланилади.
Қорақалпоғистон Републикаси ва Хоразм вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича лойиҳаларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоизидан ошадиган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Суғориладиган ерларда янги боғлар, узумзорлар ва бошқа кўп йиллик ўсимликлар, шунингдек енгил конструкцияли иссиқхоналарни ташкил этишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан хулосалар фақат сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган тақдирдагина берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова