Президент 18.07.2024 йилдаги "Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-265-сонли қарорни имзолади.
Термиз муҳандислик-технология институти ва Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини бирлаштириш орқали Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилди.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Университетда Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади:
● у юридик шахс мақомисиз ташкил этилади, унда амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари бўйича ўқиш учун юқори академик кўрсаткичларга эга бўлган талабалар танлов асосида саралаб олинади;
● мактаб йўналишига мувофиқ саноат ҳамкорлари аниқланади, уларнинг техник ва технологик ривожланишини таъминлаш учун замонавий лабораториялар ташкил этилади;
● мактабда саноат ҳамкорлари томонидан тақдим этиладиган муаммолар мажмуасига мувофиқ илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишлари олиб борилади;
● саноат ҳамкорлари ва Инновацион ривожланиш агентлиги маблағлари ҳисобидан илмий ва инновацион лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш тизими жорий этилади;
● мактаб фаолияти Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Университетдаги ўқув жараёнига хорижий профессор-ўқитувчилар, шунингдек, соҳа мутахассисларини жалб этиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.07.2024 йилдан кучга кирган.
Собир Нурбердиев