Вазирлар Маҳкамаси 24.09.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 583-сон қарорни қабул қилди.
Ҳужжатга мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан даволаш стандартларини янгидан кўриб чиқиш натижасида даволанишда бўлиш муддати 10 кундан 7 кунгача қисқартирилди, шу муносабат билан 2020 йил 20 августдан эътиборан:
- врачларга, бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига, провизор-фармацевт ходимларга, дизенфектор ва кичик тиббиёт ходимларига ва бошқа ходимларга махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари) кунлик тарзда ишлаш шароитига ўтказилган ҳолда ҳар 30 кунлик давр учун кунига 8 соатдан кам бўлмаган иш юкламасини инобатга олган ҳолда бир ойда 1 маротаба тўланади;
- махсус рағбатлантириш тўловлари тўланадиган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларнинг ойлик лавозим маошига 6% миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов амалга оширилмайди;
- ходимларга пул маблағлари банк карталарига ўтказиш орқали амалга оширилади.
Қарор билан:
- Махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
- Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари ва бошқа ходимларга 6%лик кунлик қўшимча тўлов амалга ошириладиган лавозимлар рўйхати;
- 6%лик кунлик қўшимча тўлов ўрнига ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари амалга ошириладиган лавозимлар рўйхати тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ҳафта муддатда унинг ёрдамида коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш мумкин бўлган «веmоr.ssv.uz» электрон назорат дастурини ишга туширади. Бундан ташқари, дастур беморларни қабул қилиш ва чиқиши, товар-моддий бойликларнинг ҳаракати ва бошқа таҳлилий маълумотлар шаффофлигини таъминлаш имконини беради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.