Президентнинг 16.07.2024 йилдаги "Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-257-сонли қарори билан тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари (ТИЭК) мутахассисларининг ногиронликни белгилашнинг янги тартиби бўйича малакасини ошириш чораларини кўради;
- оилавий шифокорларни фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини ТИЭКка ўз вақтида ва сифатли юбориш натижаларидан келиб чиқиб рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш тизимини жорий этади.
Тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлигини ошириш учун ҳужжатда 2024 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагилар кўзда тутилмоқда:
- ТИЭК ходимларини уларнинг фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) бажаришидан келиб чиқиб, Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
- ихтисослаштирилган (руҳий, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКларни тугатиб, уларнинг вазифалари ва штат бирликларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларига ўтказиш;
- тугатилаётган ихтисослаштирилган ТИЭКлар штат бирликлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларига "педиатр", "руҳшунос" ва "фтизиатр" штат бирликларини ажратиш.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб, туман (шаҳар) ва туманлараро ТИЭКлар таркибини катталар учун шифокор-эксперт, педиатр шифокор-эксперт ва реабилитологдан иборат қилиб шакллантириш режалаштирилмоқда.
2025 йил 1 апрелгача ногиронлиги бўлган шахсларни уларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб касбий, таълим ва спорт йўналишига йўналтириш тартибини ишлаб чиқиш масъулияти қуйидаги вазирлик ва идораларга юкланади:
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги - тарбия ва таълим йўналиши учун;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги - касбларга тайёрлаш ва касбга йўналтириш учун;
- Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги - бандликни таъминлаш учун;
- Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги - оммавий спорт ва параспортга йўналтириш учун.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 17 июлдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.