Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2025 йилдаги «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 317-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Жамғарма Президентнинг 14.02.2025 йилдаги «Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-22-сон Фармони билан ташкил этилган.
Шунингдек, Жамғарма маблағлари ҳисобидан грант, субсидия, кредит ва лизинг ажратиш тартиби ҳам тасдиқланди.
Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари:
- Ўзбекистон фермерлар кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ўтказиб бериладиган маблағлар;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар;
- Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари;
- Жамғарманинг, шу жумладан вақтинча бўш турган маблағларини депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлари.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш турлари кўрсатилади:
- ҳар йили 500 та маҳалладаги биттадан хонадон томорқасида амалга оширилган энг намунали ва инновация лойиҳалари учун БҲМнинг 100 бараваригача грантлар ажратилади;
- уста деҳқонлар томонидан қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида ҳар бир курс учун БҲМнинг 15 бараваригача субсидия ажратиш;
- томорқаларда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган деҳқонларга 100 млн сўмгача субсидия ажратиш;
- сув таъминоти чекланган ҳудудларда ер участкаларини суғориш учун тик қудуқларни бурғилаш ва ишга тушириш, сув чиқариш воситаларини сотиб олиш, ирригация тармоқларини тортиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплашга субсидиялар;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизли пункт юқори ставкада (шундан, 5% банк маржаси) кредитлар;
- аҳоли томорқалари ва ижара ер участкаларида ихчам музлаткичли омборхоналар, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари, тайёр ҳолдаги иссиқхоналарни 24 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан лизингга бериш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова