Вазирлар Маҳкамасининг 28.06.2024 йилдаги “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида”ги 360-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан оммавий тадбирларга аҳолини реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар-моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилишга тақиқ жорий этилмоқда.
Миллий гвардия ва ИИВга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор билан белгиланаётган талабга оммавий тадбир ташкилотчилари ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари бузилишига йўл қўйган оммавий тадбир ташкилотчилари ва маъмурият Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.06.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова