Президентнинг 02.09.2023 йилдаги «Тўқимачилик саноатини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-155-сон Фармони қабул қилинди.
Газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарни айланма маблағлар билан таъминлаш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига қўшимча 50 млн АҚШ доллари ажратилади. Маблағлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан револьвер кредитлаш асосида 2026 йил 1 январга қадар қайтариш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада тақдим этилади. Чора тўқимачилик саноати корхоналаридаги мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш ва уларнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган.
Президентнинг 2023 йил 10 январдаги «Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-2-сон Фармонига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.09.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова