Бу Президентнинг 2019 йил 28 майдаги ПҚ–4341-сон қарорида назарда тутилган.
Ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуалар яратилади. Бунинг учун енгил конструкциялар қурилади ёки бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланилади. Уларни ташкил этиш учун муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд, биринчи навбатда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган аҳоли пунктларида ер майдонлари ажратилади.
Мажмуалар фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзоларига ёки тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа тадбиркорлик субъектларига берилади. Улар 5 йил муддатга, 10%дан ортиқ бўлмаган ставкада лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага берилади. Лизинг асосида сотилганда ҚҚС уларнинг баланс қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.
Мажмуалар 2021 йил 1 январгача тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материалларни тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади.
«Ўзпахтасаноат» АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига истисно тариқасида:
- лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини ҳамда импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
- ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуалари қисқа муддатларда ишга туширилишини таъминлаш мақсадида, лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни тендер (конкурс) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш ва молиялаштиришни лойиҳалаш билан параллель равишда амалга оширишга;
- биржа савдолари орқали пахта толасини, кейинчалик уни тўқимачилик корхоналарида ярим тайёр маҳсулотлар шаклида қайтариш асосида қайта ишлаш шарти билан сотиб олишга рухсат берилди.
2019–2021 йилларда лойиҳаларни амалга оширишда ва фаолияти давомида банк кредитлари бўйича фоизлар Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади:
- банк томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25%и миқдорида, лекин 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;
- асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадида банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50%и миқдорида.
2022 йил 1 январгача «Ўзпахтасаноат» АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:
- мавжуд тайёр тикув-трикотаж мажмуалари лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан бошқа тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган кунга қадар фойда ва мол-мулк солиғидан;
- мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қурилиш материалларини белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади.
Ишлаб чиқарилган хом ашё (пахта толасидан ташқари) ва ярим тайёр маўсулотни тизим ичида сотиш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.