Президентнинг 15.05.2025 йилдаги "2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-87-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2025 йил охиригача туризм соҳасининг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди:
- республика ҳудудларига 15,8 млн хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 млрд АҚШ долларига етказиш, шунингдек 40 млн маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, қўшимча 378 туроператор фаолиятини йўлга қўйиш;
- ҳудудларда янги 108 меҳмонхона, 375 оилавий меҳмон уйи ва 123 хостел қуриш, 745 капсула ва ўтов уйлари, апарт-отель, модулли меҳмонхоналар ҳамда 12 туризм қишлоғи ва туризм маҳалласини ташкил этиш.
2025 йил 1 июндан Баҳрайн Қироллиги, Қувайт Давлати ва Уммон Султонлиги фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш кунидан бошлаб 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади.
Туризм соҳасидаги давлат дастурлари, туризмни ривожлантириш стратегиялари (концепциялари) ва бошқа давлат дастурларига мувофиқ 2025 йил учун ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади.
2025 йилдан бошлаб, ҳар йили ноябрь ойининг учинчи ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ўтказилади.
Шунингдек, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туризмни ривожлантириш дастурини илгари суришнинг янги механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда туристик йиғимдан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига келиб тушадиган маблағларнинг камида 10 фоизини ҳар йили ички туризм имкониятларини илгари суришга йўналтириш, шунингдек ҳар йили кейинги йил учун "Ўзбекистонни оммалаштириш" медиа-режасини тузиш кўзда тутилади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача ҳар йили Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 50 млрд сўм миқдорида ажратиладиган маблағлар доирасида:
- меҳмонхоналар, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган аудиовизуал маҳсулотлар (видеофильмлар, видеороликлар, клиплар ва аниме роликлари) яратиш ва илгари суриш харажатларининг 50 фоизи (лекин 50 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда) қоплаб берилади;
- маҳаллий тадбиркорлар томонидан хорижий давлатларда ўзбек миллий таомларига ихтисослашган 50 та умумий овқатланиш корхонаси ва ресторан ташкил этиш бўйича қуйидаги харажатлар субсидияланади:
- фаолиятни йўлга қўйиш учун рўйхатдан ўтиш ёки рухсат олиш, ижара, дизайн, зарур жиҳозлар ва инвентарь сотиб олиш билан боғлиқ – харажатларнинг 50 фоизи миқдорида (аммо 25 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган) бир марталик субсидия шаклида;
- таомлар тайёрлаш учун Ўзбекистондан йилига 300 кг маҳсулотни етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи (бир тадбиркорлик субъекти учун 100 млн сўмгача);
- жойлаштириш воситалари, йирик савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш шохобчаларининг ўз ҳудудида замонавий сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача (аммо 100 млн сўмдан кўп бўлмаган) миқдори қопланади (дастлабки 100 ҳавза учун).
2027 йил 1 январгача камида 10 модулдан иборат модуль меҳмонхоналар қуриш ва жиҳозлашга (реконструкция бундан мустасно) модуль меҳмонхоналардаги ҳар бир ўрин учун бир марталик субсидия ажратилади:
- I тоифали меҳмонхоналар учун – 10 млн сўм;
- II тоифали меҳмонхоналар учун – 7 млн сўм;
- III тоифали меҳмонхоналар учун – 5 млн сўм.
2028 йил 1 январгача тиббий туризм кластерлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича харажатларининг бир қисми, 2030 йил 1 январгача эса халқаро туристик ва тиббий ярмарка ҳамда кўргазмаларда иштирок этиш харажатлари қопланади.
Туристик хизматларни рақамлаштириш ва диверсификациялаш
2025 йил 1 июндан бошлаб туризм соҳасидаги барча давлат электрон тизимлари ва платформалари Туризмнинг ягона миллий платформаси доирасида ишлаб чиқилади. Бунда:
- жойлаштириш воситаларини платформа орқали банд қилаётган Ўзбекистон фуқароларига шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз MylD тизимида идентификациядан ўтиш рухсат этилади;
- платформага уланган жойлаштириш воситаларининг шахсий кабинетида меҳмонларни QR-код ёки юзни таниш тизими орқали идентификация қилиш имконияти яратилади.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2025 йилда юқори туристик салоҳиятга эга туман ва шаҳарларда апарт-меҳмонхоналар, капсула уйлар ва шунга ўхшаш бошқа жойлаштириш воситаларидан иборат замонавий дам олиш зоналарини яратиш режаси;
- 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2025 йилда хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича режа-жадвал;
- хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш ва тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича "Йўл харитаси";
- 2025 йилда мақсадли бозорлардан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида туризм бизнеси вакиллари иштирокида ўтказиладиган тақдимотлар (roadshow) рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова