Ҳукумат Нурота (Навоий вилояти), Қўшработ (Самарқанд вилояти) ҳамда Зомин (Жиззах) туманларида ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади (9.10.2019 йилдаги 855-сон ВМҚга қаранг).
Биринчидан, 1.11.2019 йилдан 31.12.2021 йилгача бу ерларда ер ости чучук сувлари конлари кенг тарқалган зоналарда қудуқларни қазишга рухсатнома олишнинг алоҳида тартиби амал қилади. Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан қуйидагилар билан келишилган ҳолда рухсатнома берилади:
- сувни тежаш технологияларини жорий этиш ҳисобга олинган ҳолда суғориш мақсадлари учун — Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан;
- ҳудудий ривожлантириш дастурлари ва оқилона фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиш мақсадида — Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда тегишли туманлар ҳокимликлари билан.
Мазкур тартиб аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқларга татбиқ этилмайди.
Иккинчидан, 2020 йилдан бошлаб ушбу туманларда сувни кам талаб қиладиган экинларни экиш ва етиштиришга, шунингдек ерларни суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтилади.
Учинчидан, кўрсатилган туманларнинг чегараларида ер ости сувларининг сатҳи ва сифати бўйича мониторинг ўтказилади ҳамда унинг натижаларига кўра, келгусида ушбу ресурсларни олишни чеклаш мақсадга мувофиқлиги юзасидан бир қарорга келинади. Шунингдек ушбу туманларда қудуқларни ноқонуний бурғулашга ва ер ости сувлари олинишига йўл қўймаслик бўйича назорат кучайтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.10.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.