Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2023 йилдаги «Давлат ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 674-сон қарори қабул қилинди
2024 йил 1 январдан:
- ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-ijara» ахборот тизими орқали амалга оширилади;
- ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини «E-auksion» платформаси орқали ижарага беришда қуйидаги ҳолларда ижара тўловининг «ноль» ставкаси қўлланилади, бунда:
- ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун – 3 йил давомида;
- ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павлония, терак ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун – 5 йил давомида;
- ўрмон фондининг чўл худудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, чўл ва яйлов ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун – 10 йил давомида.
2024 йил 1 июлга қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича амалдаги барча шартномалар Кадастр агентлиги органларида рўйхатдан ўтказилади, бунда жисмоний шахслардан ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди.
Рўйхатдан ўтказилмаган шартномалар бекор қилиниб, ер участкалари онлайн-аукционга чиқарилади.
Ўрмон фонди ер участкаларини электронь онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламенти тасдиқланоқда.
Ўрмон фонди ерлар 3 йилдан 49 йилгача қуйидаги мақсадлар ва ўлчамларда ижарага берилади:
- ўрмон барпо қилиш учун – 1 гектардан 20 гектаргача;
- мевали ва ёнғоқ мевали дарахтзорлар барпо этиш учун – 1 гектардан 20 гектаргача;
- мевали ва манзарали кўчат етиштириш учун–0,1 гектардан 2 гектаргача;
- тез ўсувчи дарахт плантацияларини барпо этиш учун – гектардан 10 гектаргача;
- қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун –0,1 гектардан 10 гектаргача;
- доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун – 1 гектардан 20 гектаргача;
- асаларичилик фаолияти учун – 0,01 гектардан 2 гектаргача;
- балиқчилик фаолияти учун – 0,1 гектардан 5 гектаргача;
- овчилик фаолияти учун –0,1 гектардан 2 гектаргача (овчиларни қабул қилиш пункти учун);
- лимонарий ва иссиқхоналар ташкил этиш учун –0,1 гектардан 2 гектаргача;
- экологик туризм, рекреация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари фаолияти учун (ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтирмаслик шарти билан) – 0,01 гектардан 2 гектаргача.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.12.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев