Янги таҳрирдаги «Уруғчилик тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. 29.08.1996 йилдаги аввалгиси ўз кучини йўқотди.
Янгиланган Қонунда анча кенг тушунчалар аппарати келтирилган. «Уруғчилик», «популяция», «оригинал», «элита», «репродукцион» уруғликлар сингари атамалар қўлланилган ва расшифровка қилинган. Сўнгги учта тушунча уруғликларнинг тоифаларидир.
Уруғчилик объектлари ва субъектлари белгиланган:
Объектлар |
Субъектлар |
Нав |
Навнинг муаллифи |
Дурагай |
Уруғлик етиштирувчи |
Популяция |
Уруғликларни реализация қилувчи |
Уруғликлар |
Уруғликларнинг истеъмолчиси (уруғликлардан фойдаланувчи) |
Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорлари |
Уруғликларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатларини аниқлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи ташкилот |
Уруғчилик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятари белгиланган. Чунончи, улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш;
- селекция ютуқларидан фойдаланиш;
- уруғликларнинг кўргазма-савдоларида (кимошди савдоларида) иштирок этиш;
- ўз фаолиятида инновацион технологиялардан фойдаланиш ва илм-фан ютуқларини жорий этиш;
- уруғлик етиштириш бўйича ресурсларни тежовчи технологияларни қўллаш.
Уруғчилик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
Ҳукумат ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Унинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инфратузилмани ва сервис хизматларини ривожлантириш;
- илмий-тадқиқот ишларини, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва фаолиятнинг замонавий шаклларини жорий этиш;
- уруғлик етиштиришда генетик (нав) сифат кўрсаткичларини сақлаб қолиш;
- уруғликларни кўпайтиришнинг ва уруғликлар истеъмолчиларини (уруғликлардан фойдаланувчиларни) уруғликлар билан таъминлашнинг самарали тизимини яратиш;
- уруғчилик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш ва уруғлик етиштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.
Шунингдек уруғчилик соҳасидаги бошқа ваколатли органлар: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази, ҳокимликлар, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг (бундан кейин – Инспекция) ваколатлари белгиланган.
Инспекция қуйидаги ишларни амалга оширади:
- уруғликларнинг экинбоплик сифатларини аниқлаш, экинзорларнинг тупроғини баҳолаш;
- уруғликларнинг лабораторияда нав синовини ўтказиш ва уларни сертификатлаштириш.
Экиш учун фойдаланиладиган уруғликлар сертификатлаштирилиши лозим. Унинг тартиби қуйидагиларни ўз ичига олади:
- сертификатлаштириш учун талабнома бериш ва уни кўриб чиқиш;
- намуналарни бирхиллаштириш, ажратиб олиш ва лабораторияга етказиш;
- лабораторияда намуналар синовини ўтказиш;
- олинган натижаларни таҳлил қилиш, мувофиқлик сертификатини бериш ёки уни беришни рад этиш;
- мувофиқлик сертификатларини Миллий сертификатлаштириш тизимининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш.
Уруғлик етиштирувчиларнинг реестри
У пахта чигитининг, бошоқли дон экинлари ҳамда картошканинг оригинал ва элита уруғликларини ишлаб чиқарувчилар бўйича маълумотларнинг ягона ахборот базасидир. База мунтазам янгилаб турилади ва етиштирувчилар тўғрисидаги асосий маълумотлар: уруғлик ишлаб чиқарувчининг номи, почта манзили, телефон рақами, раҳбарнинг Ф.И.О., уруғлар навларининг ва дурагайларининг номи, тоифасини ўз ичига олади. Реестрни Уруғчиликни ривожлантириш маркази юритади.
Реестрдаги ахборот Марказнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Реестрга киритганлик учун ҳақ олинмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.02.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.