Утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари турлари ва тоифаларининг рўйхати тасдиқланди (2.06.2020 йилдаги 347-сон ВМҚга қаранг). Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» телеграм-каналида маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил февралда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга киритилган утилизация йиғимига тааллуқли умумий масалаларни тартибга соладиган тузатишлар кучга кирди.
Утилизация йиғими қуйидагилардан ундирилади:
- Ўзбекистон ҳудудига транспорт воситаларини импорт қиладиган (эркин муомалага чиқарадиган) жисмоний ва юридик шахслар;
- Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини (кейинги ўринларда – транспорт воситалари) ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) юридик шахслар.
Тасдиқланган ставкалар 2020 йил 1 августдан жорий этилади. Улар транспорт воситасининг тури, тоифаси ва техник тавсифларига қараб 30 БҲМдан 1 500 БҲМгача миқдорда белгиланади. Ставкаларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.
Қуйидаги транспорт воситаларига йиғим тўланмайди:
- умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ устуворликлардан фойдаланадиган дипломатик ваколатхоналарга ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек уларнинг Ўзбекистон фуқаролиги бўлмаган, дипломатик мақомга эга бўлган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тегишли транспорт воситалари;
- ишлаб чиқарилганидан 30 ва ундан ортиқ йил ўтган L ва М1 тоифали, щунингдек ишлаб чиқарилганидан 50 ва ундан ортиқ йил ўтган, йўловчи ва юкларни тижорат мақсадида ташишга мўлжалланмаган, асл двигатели, кузови ва рамаси сақланган тақдирда ёки улар асл ҳолатигача реставрация қилинган М2, М3 ва N тоифали транспорт воситалари (бу ерда қаранг);
- Ўзбекистонга олиб кирилиб «вақтинчалик олиб кириш» божхона режимига расмийлаштирилган транспорт воситалари.
Иқтисодиётни ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги ва Экология давлат қўмитаси билан биргаликда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб чиқиб, транспорт воситалари ва уларнинг компонентларини утиллаштириш жараёнини тартибга солиши лозим. Хусусан, 2021 йилдан жисмоний ва юридик шахслар томонидан эскирган транспортлар ихтиёрий равишда утиллаштирилишини рағбатлантириш механизмини жорий этиш лозим.
Аввал ёзганимиздек, 1 августдан мамлакатимизга олиб кириладиган транспорт воситаларидан олинадиган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.
Эльмира Сиразиева.