Вазирлар Маҳкамасининг 29.07.2022 йилдаги 413-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари энди электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш бўйича давлат хизматидан фойдаланишлари мумкин.
Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низом қуйидагиларни белгилайди:
- дипломатик ваколатхоналар консуллик бўлимлари ва консуллик муассасаларига мурожаат қилиш тартиби;
- ЭРИ сертификатини бериш тартиби ва унинг амал қилиш муддати;
- хизмат учун консуллик йиғимлари миқдори.
Консуллик муассасаси орқали ЭРИ калитлари сертификатларини рўйхатга олиш ва уларни бериш ваколатли орган томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими орқали амалга оширилади. ЭРИ сертификатининг амал қилиш муддати у рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 2 йилдан ошмаслиги керак.
ЭРИ калитининг сертификати — бу ўзида унинг эгаси тўғрисидаги ахборотни сақлайдиган ҳужжат бўлиб, унда эгасининг мақоми, реквизитлари ва ваколатлари тўғрисидаги маълумотлар шифрланган. Сертификат калитнинг қўлланилиши учун жавобгар бўлган муайян шахсга тегишлилигини тасдиқлайди. Ҳужжат электрон рақамли ёки қоғоз шаклидаги вариантларга эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.07.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.