Президентнинг 12.01.2024 йилдаги ПФ-9-сон «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадалтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Туризм салоҳияти юқори бўлган туман ва шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат туризм марказларини, шунингдек «Зомин» туристик-рекреацион зонаси, «Чимён» халқаро умуммавсумий курорти ва «Амирсой» тоғ-чанғи курорт зонаси ҳудудида бож олинмайдиган («duty free») ва йирик халқаро брендларнинг савдо дўконларидан иборат бўлган йирик савдо комплексларини («Luxury tourism village») барпо қилиш режалаштирилган.
Туризм лойиҳаларини молиялаштириш
Туризм соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 200 млн АҚШ доллари эквивалентида туризм кредит линияси очилади. Улардан 50 млн АҚШ доллари – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштиришга ажратилган маблағлар, 150 млн АҚШ доллари – Туризм қўмитаси ҳамда тижорат банклари томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан жалб қилинган маблағлардир.
Қўшимча имтиёзлар
2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан тасдиқланган рўйхатга кўра олиб кириладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона тўловларидан озод этилади:
- меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш ва бошқа материаллар;
- чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш фильтрлари;
- туризм масканларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар.
Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозлар амалга оширилганда 23 ёшгача бўлган ёшлар, ёшга доир пенсия олувчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади ҳамда йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Туризм қўмитасига – қўшимча вазифалар
Ҳужжатга кўра Туризм қўмитаси зиммасига қуйидаги қўшимча вазифаларни юкланди:
- ҳудудларда туризм бозорининг турли сегментларига мўлжалланган ва ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
- миллий ҳунармандчилик, айниқса сувенир маҳсулотларининг рақобатбардошлиги ва сифатини, туристлар учун улар жозибадорлигини янада ошириш, шунингдек ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш;
- ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш ва экспортни рағбатлантириш учун қулай шароитларни яратишга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш, халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- 2024 йилда Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2024 йилда хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш режа-жадвали;
- Хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш, шунингдек зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича «Йўл харитаси»;
- Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Араб давлатлари ва Россия Федерациясидан туристларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.01.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова