Вазирлар Маҳкамасининг 19.07.2019 йилдаги 603-сон қарори билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилди.
Унинг фаолияти қуйидагиларга йўналтирилган:
- иқтидорли талабалар ва ёшларнинг дастурий маҳсулотларни лойиҳалаштириш бўйича кўникмаларини ривожлантириш, уларда инновацион фикрлашни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятларини намоён этишларига ҳамда дастурий таъминот соҳасида бизнес режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш;
- технологик жараёнларни лойиҳалаштириш, бошқарув фаолиятини интеллектуаллаштириш ва автоматлаштиришнинг илмий-техникавий масалалари ечимига йўналтирилган дастурий маҳсулотларни яратиш;
- дастурий маҳсулотлар трансфери, уларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш орқали маҳаллий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- дастурий маҳсулотлар соҳасида илмий изланишларни олиб бориш, мазкур йўналишларда фундаментал, амалий инновация лойиҳаларини амалга ошириш;
- жаҳоннинг етакчи компания ва университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш.
Ўзбекистон Миллий университети (кейинги ўринларда – ЎзМУ) ректорининг илмий консультанти Марказга умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини мувофиқлаштиради. Бу лавозим – янги, уни бир ҳафта муддатда жорий қиладилар.
Марказга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ЎзМУ ректори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Марказ ЎзМУнинг юридик шахс мақомига эга бўлган тижоратчи ташкилот бўлмаган муассаса шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Унда ишлаш учун математика ва информатика соҳасида катта амалий тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислар жалб қилинади.
Бўлинма Инновацион ривожланиш вазирлигининг Олмазор тумани Университет кўчасидаги ҳозирги вақтда қурилаётган биносига жойлаштирилади. Қурилиш тугаллангунга қадар эса у шу кўчада жойлашган ЎзМУ биноларидан бирини эгаллайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.07.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.