Президент 25.12.2017 йилдаги “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Маълумот учун: олдинги босқичда 2013-2017 йилларда туғма ва ирсий касалликларни камайтириш учун 3,2 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёллар (2,1 млн нафари – соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинлари томонидан, 1,1 миллион – скрининг-марказларида) текширилди.
Ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари ва ирсий касалликлар муносабати билан 86 минг нафар аёлда (65 минг нафари бирламчи бўғинлар текшируви бўйича, 21 минг нафари – скрининг-марказларда) ҳомиладорлик тўхтатилди. Бироқ 210 минг нафардан ортиқ аёл дори-дармонлар билан даволанди. Натижада, 2000 йилга нисбатан ногирон болалар туғилиши кўрсаткичи 1,8 марта камайди.
1,7 миллиондан ортиқ чақалоқлар гипотиреоз (кретинизмга олиб келадиган қалқонсимон без гормонлари даражасининг пасайиши) ва фенилкетонурия (марказий асаб тизимини зарарлайдиган ва олигофренияга олиб келадиган аминокислоталар метаболизмининг бузилиши) юзасидан текширилди. Ҳозирги вақтда 1407 нафар бемор диспансер назорати остида турибди, шундан кейинчалик ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган прогрессив касалликларнинг олдини олиш мақсадида туғма гипотиреозга чалинган 1117 нафар бола доимий равишда бепул дори-дармонлар билан, 290 нафар фенилкетонурияга чалинган бола даволайдиган озиқ-овқат билан таъминланган.
Ишларни янада такомиллаштириш учун 2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури қабул қилинди. У 5 йўналиш бўйича амалга оширилади:
- “Она ва бола скрининг” марказларини юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
- ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ва уларга барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш;
- ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромлар диагностикасида лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, шу жумладан, цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этиш;
- болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва даволайдиган овқатлар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш;
- “Она ва бола скрининг” марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва амалий соғлиқни сақлашга замонавий жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Давлат дастурини амалга ошириш учун 31 млн АҚШ доллари ва 90 млн сўм ажратиш режалаштирилмоқда (Давлат бюджети - 28 млн 460 минг АҚШ доллари, 90 млн сўм ва 2 млн АҚШ долларидан зиёди “Соғлом авлод учун” халқаро нодавлат хайрия жамғармаси).
Бунда Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” ХНХЖ томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган юқори технологик диагностика тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, реагентлар, зарур материаллар, болалар даволовчи овқати, дори воситалари 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.