Урганчда «Binary» университети (Малайзия) филиали очилди. Унинг мақсади – тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича малакали олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш (ВМнинг 17.09.2020 йилдаги 558-сон қарорига қаранг).
Филиал олий таълим соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган нодавлат таълим хизматлари кўрсатилишини янада ривожлантириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашда давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, етакчи халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
- ҳудудда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий тадбиркорликнинг ривожланиши тенденцияларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича малакали олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
- ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
- Филиалда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;
- хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
- таълим дастурларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;
- профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;
- республика иқтисодиёти тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш.
Филиал – нодавлат олий таълим ташкилоти бўлиб, унда бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари ҳамда магистратура бўйича кадрлар тайёрлаш амалга оширилади. Ўқитиш Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда «Binary» университети томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш «Binary» университети ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Филиал томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади. Битирувчиларга Ўзбекистон ва Малайзияда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.
Таълим жараёнини ташкил этишда мутахассислик фанларидан дарс бериш учун профессор-ўқитувчилар таркибининг 40%идан кам бўлмаган қисми малакали хорижий профессор-ўқитувчилар билан тўлдирилади.
Фаолиятни молиялаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини шакллантириш Филиалнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади. Улар ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шаклланади.
Филиал Урганч давлат университетининг бино ва иншоотларида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Хоразм вилояти ҳокимлиги ажратилган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш мажбуриятини олади. Уларни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан, коммунал тўловлар Филиал маблағлари ҳисобига қопланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.09.2020 йилдан кучга кирган.
Мирёқуб Ҳайдаров.