Вазирлар Маҳкамасининг 08.10.2024 йилдаги 621-сон қарори билан илғор биржа механизмлари асосида замонавий агрокомплекс фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси ҳузурида ташкил этилган "Agro Exchange" МЧЖнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:
- аҳоли хўжаликларида, шунингдек деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархларида сотиш имконини берувчи "Uzex Agro" электрон савдо майдончасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
- платформанинг техник қўллаб-қувватланишини ва бозор тамойиллари асосида кўрсатилаётган хизматларни доимий такомиллаштиришни таъминлаш;
- ҳудудларда қишлоқ хўжалигини юритиш учун мўлжалланган бўш ерларни кенгайтириш орқали замонавий агрокомплексларни ташкил этиш;
- агрокомплекслар атрофида жозибадор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш.
2025 йил 1 январгача платформа орқали маҳсулот сотиш учун аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларидан воситачилик ҳақи олинмайди.
Қарор билан "Uzex Agro" электрон савдо майдончасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- платформада савдо иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби;
- оператор ва платформа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- эълонларни жойлаштириш ва савдоларни ўтказиш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 8 октябрдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова