Вазирлар Маҳкамасининг 6.08.2021 йилдаги “Гидрометеорология ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ихтисослаштирилган хизматлар кўрсатиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 501-сон қарори қабул қилинди.
Гидрометеорология ва атроф табиий муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш соҳасида ихтисослашган маълумотлар Ўзгидромет томонидан шартнома асосида такдим этилади. Бу Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўгрисида” 2020 йил 17 ноябрдаги ПҚ-4896-сон қарорида белгиланган.
Ихтисослашган маълумотлар - истеъмолчилар сўрови бўйича сақлаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва тақдим этиш учун қўшимча иш ва харажатлар талаб қилинадиган мақсадли гидрометеорологик ва атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар.
Қарор билан тасдиқланган Регламент қуйидагиларни тақдим этиш тартибини ўз ичига олади:
- давлат органлари ва ташкилотларига - ўзаро маълумотлар алмашинуви бўйича қўшма дастурлар асосида, жисмоний ва юридик шахсларга - Очиқ маълумотлар портали ёки Ўзгидрометнинг расмий сайти орқали умумий мақсаддаги тезкор ва прогностик маълумотларни тақдим этиш тартиби;
- барча истеъмолчиларга ихтисослашган гидрометеорологик маълумотлар ва хизматларни тақдим этиш тартиби;
- тегишли давлат органлари ва ташкилотларига телекоммуникация воситалари, Ўзгидрометнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ахборот ҳамда билдиришномалар кўринишида шошилинч гидрометеорологик маълумотларни тақдим этиш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.08.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.