Рейсларни (автобус, авиа- ва темир йўл) қулай тарзда боғловчи йўл чипталарини сотишни назарда тутувчи республика транспорт тизимининг ягона электрон портали ташкил этилмоқда. Бу ЎзА сайтида эълон қилинган Президентнинг 5.01.2019 йилдаги Фармони ва қарорида назарда тутилган.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиши режалаштирилаётгани муносабати билан портал ташкил этиш масаласи долзарб тус олмоқда. Темир йўл, авиация ва автомобиль транспорти ёрдамида ташишларни амалга оширувчи компанияларнинг маҳаллий ва халқаро рейсларини сезиларли даражада ошириш кўзлаштирилмоқда.
Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилмоқда, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- биринчи навбатда Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси, ташиладиган йўловчилар сони ва инвестицияларни кўпайтириш учун республикадаги транспорт алоқа тизимини тубдан яхшилаш;
- «зиёрат» туризми йўналиши орқали туристлар оқимини ошириш, шу жумладан, Индонезиядан доимий авиақатновларни очиш учун авиакомпанияларни жалб қилиш масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш;
- туристлар оқимини жалб қилиш мақсадида парвозларнинг стратегик муҳим йўналишларини аниқлаш;
- мамлакат аэропортларида янги йўналишларни йўлга қўйиш мақсадида хорижий ташувчилар учун мослашувчан чегирма ва преференциялар тизимини ишлаб чиқиш;
- ўзаро боғловчи қатновларни, шу жумладан, «мавсумдан ташқари» даврда ташкил этиш орқали узоқ магистрал йўналишларда йўловчилар сонини кўпайтириш;
- хорижий ва маҳаллий авиакомпаниялар билан музокаралар ўтказиш, шунингдек уларнинг таклифларини кўриб чиқиш ва уларни аэропортлар бўйича тўғри тақсимлаш;
- чартер рейсларини келишиш механизмини соддалаштириш;
- мамлакатдаги айрим аэропортларда «Очиқ осмон» режимини жорий этиш;
- маҳаллий авиакомпаниялар ташкил этилишига кўмаклашиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш;
- мамлакат ичкарисида интермодал ташувларни (автобус, темир йўл
- ва авиаташувлар) таъминлаш учун туристларнинг транспорт ташувини янада ривожлантириш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
- авиакомпаниялар харажатларини камайтириш ва истеъмолчилар учун авиачипталар нархини оптималлаштириш;
- мамлакат вилоятлари ўртасидаги ички авиаташувлар йўналишлари сонини кўпайтириш;
- хорижий етказиб берувчилардан авиакеросин сотиб олиш механизмини харид жараёнида шаффофлик ва рақобатни таъминлаган ҳолда такомиллаштириш.
Бундан ташқари, шаҳар ва шаҳарлараро йўловчи ташувчи тадбиркорлик субъектларидан маҳаллий ва хорижий фуқароларга мамлакат бўйлаб номунтазам, шаҳарлараро йўловчи ташиш учун тегишли лицензияга эга автобус ёки кичик автобус хизматларини кўрсатиш учун қўшимча лицензия олиш талаблари бекор қилинди.
Олег Гаевой.