Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 491-сон «Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти муассислигида Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани тажрибаси асосида узумнинг янги «Кишмиш Сўғдиёна,» «Қора кишмиш» ва «Аватар» навларини «in vitro» шароитида етиштириш ва кенг тарқатишни жорий этиш мақсадида тажриба станциясини ташкил этиш назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ер участкалари (рўйхат бўйича) тажриба станцияси ҳамда Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Селекция илмий-тадқиқот марказига ижарага берилади.
Тажриба станцияси учун ажратилган ер майдонида токзорлар барпо этилиб, узум ҳосилдорлиги оширилади ҳамда олинган илмий-амалий натижалар, ресурс тежамкор тажрибалар, замонавий технология ва усуллар синовдан ўтказилиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этилади.
Селекция марказига ажратилган ерлардан қуйидаги мақсадларда ҳам фойдаланилади:
- наслдор чорва моллари (сигирлар, отлар, зотдор ва спорт отлари) зотларини яхшилаш;
- илмий асосда селекция ишларини такомиллаштириш (замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ва юқори генофондга эга наслдор ҳайвонларни генетик яхшилаш);
- озуқа базасини мустаҳкамлаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





