Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган янги моддаларини кўриб чиқамиз (22.10.2018 йилдаги ЎРҚ–503-сон Қонун).
Аввалига МЖТКнинг янги 155-2-моддасидаги ҳуқуқбузарлик тавсифи билан танишиб чиқамиз. У қисқача баён этилган – «телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда».
Энди телекоммуникациялар тармоғи деганда нималар тушунилишини аниқлаб оламиз. «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасида ушбу атамага таъриф берилган – узатишларнинг бир ёки бир неча турини: телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи. «Алоқа тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасида ҳам худди шу таъриф қайд этилган. Телекоммуникациялар тармоғига ёрқин мисол – Интернет жаҳон ахборот тармоғи.
Бу жиҳатга ойдинлик киритдик. Энди эса «фойдаланиш» атамаси, унинг «уланиш»дан нимаси билан фарқланишини аниқлаб оламиз. Гап шундаки, телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш учун ўзининг охирги асбоб-ускунасини бевосита электр алоқаси тармоғига улаш зарур. Фойдаланувчининг умумий фойдаланишдаги тармоқлар хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида белгиланган. Тўғри, буни ўзбошимчалик билан (оператор ёки провайдерсиз) амалга оширишга рухсат берилмайди. МЖТКнинг 151-моддасида ҳатто бундай ҳаракатлар учун қурилмани мусодара қилиб (ёки мусодара қилмай) 3 ЭКИҲгача жарима солиниши қайд этилган. Ушбу модда 1998 йилдан бошлаб, яъни 20 йилдан буён амал қилади. Шу сабабли бу борада янгилик киритилмади.
Уланишдан фарқли равишда фойдаланиш – фойдаланувчининг электр алоқаси тармоғига уланган телекоммуникация тармоғидан фойдаланиши. Шу тариқа, янги ҳуқуқбузарлик шахснинг бунга ҳуқуқи бўлмаганда («ўчирилган», «блокировкаланган») ёхуд у чекланганда (фойдаланиш даражаси бўйича ҳуқуқи) телекоммуникациялар тармоғидан қонунга хилоф равишда фойдаланишини англатади. Ахборот коммуникациялари вазирлиги ҳатто фуқароларнинг бепул телефон алоқаси ёки Интернетдан фойдаланиш калитини бузиб, қўшниларининг телефон линияси ёки Wi-Fi тармоғига уланган ҳолда ноқонуний фойдаланишини мисол қилиб келтирди. Бунинг учун ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли мусодара қилинган ҳолда фуқаролар – 10 ЭКИҲдан 20 ЭКИҲгача, мансабдор шахслар эса 20 ЭКИҲдан 50 ЭКИҲгача жарима тўлайдилар.
Қачон қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланишга жиноят деб қаралади? Бунинг учун ҳаракатдан кўзланган мақсад ўрганилади. Унинг мажбурий элементи – ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда халқаро трафикни ўтказиш. Яъни бир нечта давлатнинг телекоммуникация тармоқлари ўртасида ушбу ҳимояни четлаб ўтган ҳолда маълумотлар узатилиши керак. Ахборот коммуникациялари вазирлиги ўз тушунтиришларида халқаро телефон тармоғини четлаб ўтган ҳолда трафикни ўтказиш йўли билан нолегал халқаро телефон алоқасини ташкил этиш учун Интернетдан фойдаланганда GSM, IP ва SMS-шлюзлар (тармоқлар ўртасидаги «ўтказгичлар») қўлланилишини мисол тариқасида кўрсатиб ўтди.
Интернет-ҳамжамиятни VPN ва прокси-серверлар бўйича нималар таажжубга солди? Ахборот коммуникациялари вазирлиги аниқлаштиришича, янгиликлар виртуал хусусий тармоқлар (Virtual Private Network, VPN) ва прокси-серверларга (proxy server) дахл этмайди. Бироқ уларнинг ишлаш технологияси – фойдаланувчи ўзининг IP-манзили остида эмас, балки VPN сервери ёхуд прокси-сервер манзили остида халқаро интернет-трафикда иштирок этиши бир қарашда янги модда диспозициясига мос келади – халқаро трафик айрим интернет-ресурсларни блокировкалаш тизимини четлаб ўтган ҳолда ўтказилади (айрим ресурслардан фойдаланишни чеклаш тартиби ҳақида – бу ерда).
Шу билан бирга, фикримизча, бунда ахборот ресурсларидан фойдаланиш ва телекоммуникация тармоғидан фойдаланишни фарқлаш даркор. Моддада унинг алоҳида қисми – интернет-сайт, файл ва бошқалардан эмас, балки умуман телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Бунинг устига, VPN ва Proxy қўлланганда халқаро трафик телекоммуникация тармоғининг ўзидаги асосий ҳимоя тизимлари орқали ўтади, провайдер эса ушбу трафикни тарифлаш имконига эга. Шу сабабли ЖКнинг 278-7-моддаси VPN ва Proxy қўлланилишига нисбатан татбиқ этилмаслиги керак.
Бу – муҳим! VPN ва Proxy қўлланилиши бошқа жиноятлар объектив томонининг бир қисми деб тан олиниши мумкин. Масалан, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш (МЖТКнинг 184-3-моддаси ва ЖКнинг 156-моддаси).
Шунингдек телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситалари ҳам қонун билан таъқиб қилинадиган бўлди. Уларни сақлаганлик ва фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди.
ЖКнинг янги моддасида санкциялар қамрови катта – 100 ЭКИҲ миқдоридаги жаримадан тортиб 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача.
Таҳририятдан: Мақола муаллифининг фикри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг позициясига мос келмаслиги мумкин. Қонунларни расман талқин қилиш ҳуқуқи Конституциявий судга тегишли. Олий суд ҳам ҳуқуқ нормаларини қўллаш юзасидан тушунтиришлар беришга ҳақли.
Тузатишлар «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 23.10.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.